Тошкентдаги 110 мингта уйни бузиш бошландими?
Жамият
−
12 Июнь
22064Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида 110 мингта уй бузилиши бошлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бундай хабарларни рад этди.
Билдирилишича, айни кунларда мамлакатимизда кўп қаватли уй-жой фондининг сейсмик ҳолатини ўрганиш ва баҳолаш ишлари олиб борилмоқда. Бу тадбирлар аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида профилактик тарзда амалга оширилмоқда.
“Ҳозирда ҳеч қандай расмий ҳужжатларга эга бўлмаган битта объектда сейсмик талабларга мос келмаслик ҳолати аниқланган. Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ушбу объект бўйича белгиланган тартибда тегишли чора-тадбирлар кўрилган”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, айни вақтда оммавий равишда уй-жойларни бузишга оид ҳеч қандай қарор ёки режа мавжуд эмас.
“Фуқаролардан ишончсиз манбалар орқали тарқалаётган асоссиз хабарларга ишонмаслик ва расмий маълумотларга таяниш сўралади. Ёлғон ахборот тарқатганлик учун эса қонунчиликда жавобгарлик белгиланганини эслатиб ўтамиз”, дейилади вазирлик муносабатида.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 декабрдаги “Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режасини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режаси тасдиқланган. Бош режага кўра, пойтахт ҳудуди 3 та – консервация, реконструкция ва реновация зоналарига ажратилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Ургут туманида мансабдор шахс томонидан экин экишни хоҳламаган фермерларнинг ери хитойликларга берилиши айтилган видео тарқалганди. Мазкур мазмундаги баёнот юзасидан эса Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раддия берганди.
LiveБарчаси