Фермерларнинг ери хитойликларга бериладими? (видео)

Жамият

image

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Ургут туманида мансабдор шахс томонидан экин экишни хоҳламаган фермерларнинг ери хитойликларга берилиши айтилган видео тарқалди. Мазкур мазмундаги баёнот юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раддия билдирди.

Унга кўра, биринчидан, Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуни 3-моддасига мувофиқ, фермер хўжалиги – бу ижара асосида ер участкаларидан фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи ва қонун билан тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъекти ҳисобланади. Шунингдек, мазкур қонуннинг 22-моддасида фермер хўжаликлари фаолиятига давлат органлари, бошқа ташкилотлар ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан аралашиш тақиқлангани қатъий белгилаб қўйилган.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 24-моддасига асосан, ер участкасини ижарага бериш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш фақат тарафлар ўзаро келишуви асосида ёки суд қароридан келиб чиқиб амалга оширилиши мумкин. Демак, ҳар қандай ташқи босим, таҳдид ёки мажбурлаш орқали фермерларни ердан маҳрум қилишга уриниш амалдаги қонунчиликка мутлақо зид.

Учинчидан, Ер кодексининг 16-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ерлар давлат мулки ҳисобланади. Ер билан боғлиқ мулкий муносабатлар қатъий тартибга солинган бўлиб, хорижий фуқаролар ёки юридик шахсларга ерни мулк ҳуқуқи асосида бериш тақиқланган. Шу боис, хитойлик фуқаролар ёки компанияларга ер ажратилиши ҳақидаги баёнотлар асоссиз, қонунга зид ва ҳақиқатга тўғри келмайди.

Билдирилишича, юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, видеомурожаатда баён этилган айрим гап-сўзлар Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг сиёсат ва принципларига, шунингдек, мамлакатимиз қонунчилигига зид бўлиб, мазкур ҳолат юзасидан тегишли идоралар томонидан ҳуқуқий баҳо бериш чоралари кўрилмоқда.

“Қишлоқ хўжалиги вазирлиги барча фермер хўжаликлари, агрофирма ва агрокластерлар учун тинч, барқарор ва қонуний фаолият юритиш имконини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, адолатли ва тенг муносабатда бўлиш тамойилларига қатъий содиқлигини яна бир бор таъкидлайди”, дейилади раддияда.

Қайд этилишича, инвестиция жалб этиш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш – бу албатта муҳим вазифалардан. Бироқ бу жараёнлар фақат ихтиёрийлик, қонунийлик ва тенглик тамойиллари асосида амалга оширилиши шарт. Шу муносабат билан барча фермер ва тадбиркорлар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини билишга, ноқонуний аралашувларга қарши қонуний чоралар кўришга чақирилади. Бундай ҳолатлар юз берганда, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ёки прокуратура органларига мурожаат этиш сўралади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятидаги 31 та кон хитойликларга сотилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Кейинроқ, “Ер қаъридан фойдаланиш маркази” ДМ хабарлар юзасидан маълумот бериб, жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистонда қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш учун 31 та ер қаъри участкалари “E-auksion” савдо платформаси орқали 25,1 миллиард сўмга сотилганини ва аукционда Хитой фуқароларига тўлиқ тегишли бўлган бирорта ҳам МЧЖ бунда ғолиб чиқмаганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

ер хитойликлар Фермерлар фермер хўжалиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг