Тошкентда жамоат транспорти 24 соатлик режимга ўтказилиши мумкин

Жамият

image

“Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳаси ҳамда тунги иқтисодиётни ривожлантириш ва лицензиялар бериш тартибини ислоҳ қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Стратегик ислоҳотлар агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан тунги иқтисодиёт бўйича Буюк Британия, Таиланд, АҚШ, БАА ва Австралия тажрибаси ва ушбу йўналишни Ўзбекистонда янада ривожлантириш истиқболлари ўрганилган.

“Тошкент шаҳрида тунги иқтисодиётни ривожлантириш учун биринчи қадам сифатида амалга оширилиши лозим бўлган имкониятлар четда қолиб, бир нечта кўчаларни гастрономик кўчаларга айлантириш чора-тадбирлари билан чекланиб қолинмоқда”, дейилади хабарда.

Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди:

  • 2025 йил 1 февралдан бошлаб тунги иқтисодиёт ва туризмни ривожлантиришга қаратилган ишчи гуруҳ ташкил этиш;
  • тунги иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар жума ва шанба кунларида дам олиш масканларни 24/7 режимида узлуксиз равишда ишлашини таъминлаш ва тунда фаолият олиб борувчи масканларнинг иш вақти билан боғлиқ чекловларни бекор қилиш;
  • Тошкент шаҳрида туристик салоҳиятга эга ҳудудларни белгилаб, ушбу ҳудудларда тунги фаолият зоналарини ташкил қилиш;
  • тунги иқтисодиёт ривожлантирилиши режалаштирилган шаҳарларнинг ҳар бирида жамоат транспортини (автобус, трамвай, метро) 24 соатлик режимга ўтказиш;
  • “Тунги Тошкент” электрон платформасини ишлаб чиқиш ҳамда ушбу платформада тунда фаолият олиб борадиган масканлар, тунги жамоат транспорти йўналишлари ҳамда махсус арзонлаштирилган таклифлар ҳақида маълумот олиш имконини яратиш;
  • тунги иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида белгиланган муайян ҳудудларни модернизация қилиш, кўчаларда ёритиш тизимини кучайтириш ҳамда аҳоли ва туристлар учун қўшимча қулайликлар яратиш.

“Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳаси ҳамда тунги иқтисодиётни ривожлантириш ва лицензиялар бериш тартибини ислоҳ қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги Тарас Шевченко кўчаси гастрономик кўчага айлантирилиши ҳақида хабар берилганди.  Унда ҳукумат қарори билан пойтахт кўчаларида жозибадор ва серқатнов туризм ҳамда хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш мақсадида 24/7 режимда ишловчи кўнгилочар кўча ташкил этиш белгиланганлиги маълум қилинган. Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори билан 2025 йил 1 январдан Тошкент шаҳрининг жамоат транспорти йўналишларида (автобус ва метрополитен) нақд пулдаги йўлкира ҳақи 3 000 сўм бўлади. Бир йўловчи қатнови учун 1 марталик тўловни электрон тўлов тизими орқали амалга оширилганда рағбатлантирувчи чегирма қўлланилган ҳолда – 1 700 сўм ундирилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент жамоат транспорти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made