Тошкентда йўловчилардан нақд пул талаб қилган автобус ҳайдовчиси ишдан бўшатилди

Жамият

image

Тошкент шаҳрида автобус чироқларини ўчириб, йўловчилардан нақд пул талаб қилган автобус ҳайдовчиси ишдан бўшатилди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ахборот хизмати хабар берди.

Аниқланишича, 13 март куни 72-сонли йўналишда ҳаракатланувчи автобус ҳайдовчиси ҳамда соҳага бегона бўлган фуқаро томонидан шу куни кеч соат 19:50 ларда йўналишда ҳаракатланиш давомида автобус салонининг чироқларини ўчирган ҳолда йўловчилардан йўл ҳақи учун нақд пул талаб қилинган.

14 март куни ҳолат юзасидан “2-Автобус саройи” филиали директори Ж.Л.Маннопов, филиал масъул ходимлари, филиал тасарруфидаги йўналиш ҳайдовчилари ҳамда 72-сонли йўналиш ҳайдовчиси Ж.Х. билан биргаликда тезкор танқидий йиғилиш ўтказилган.

Йиғилишда ҳайдовчи Ж.Х. нинг содир этган қоидабузарлиги муҳокама қилиниб, корхона ички тартиб интизомини ўта қўпол равишда бузгани учун ҳайдовчи Ж.Х. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Шунингдек, мазкур ҳолат бўйича ҳайдовчи Ж.Х.нинг содир этган қоидабузарлигига ҳуқуқий баҳо олиш мақсадида ҳужжатлар тўплами ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган.

Маълумот учун, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2024 йил 13 декабрдаги “Тошкент шаҳридаги жамоат транспорти тизимида йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимидан фойдаланишни рағбатлантирувчи тарифларни жорий этиш тўғрисида” ги 918-14-0-Q/24-сонли қарорига асосан, 2025 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳар автобуслари салонида нақд пул қабул қилиш амалиёти тўхтатилган.

Автобусдан фойдаланганда йўл ҳақини электрон тўлов турларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш талаб этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

автобус нақд пул

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг