Тошкентда ЙПХ ходимини ҳақоратлаб, “шантаж” қилган аёллар жазоланди (видео)

3-саҳифа

image

Кеча, 29 май куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида аёл киши ва ички ишлар органи ходими ўртасидаги жанжал акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати муносабат билдирди.

Билдирилишича, ЙПХ ходими Gentra русумли автомобилни тўхтатган ва ҳайдовчининг монитордан фойдаланиб келаётганини аниқлаган. Шу сабабли ходим ҳайдовчига маъмурий баённома расмийлаштирмоқчи бўлган. Шунда ҳайдовчи қўл қўйишдан бош тортиб, ходимга қаршилик кўрсатган. Унинг орқасидан эса аёл киши келиб, ходимга қарата ҳақоратли сўзлар ишлатган. Ходим эса холислар иштирокида жарима расмийлаштирган.

Кейинроқ жанжал кўтариш учун келган аёлнинг ҳам ҳужжатлари текширилганда унинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилгани ҳамда олди ойнасидаги тонировка учун рухсатномаси йўқлиги аниқланган.

Шу асосда ЙПХ ходими аёлнинг машинасини жарима майдончасига жойлаштириб, маъмурий баённома расмийлаштиришга киришади, бироқ фаол қаршиликка учрайди.

“Видеога олишни бошлади. Видео чиқмаслиги учун қўлларидан телефонни юлиб олдим. Кейин жарима майдонига олиб борамиз дейишди. Биринчи қаршилик кўрсатдим. Жарима майдонига бордик. Ўзим билмаган ҳолда, жаҳл устида ҳақоратли сўзларни ишлатдим. Бу ҳолат менга дарс бўлди. Қилган ишимдан пушаймонман. Ички ишлар ходимидан ва халқимиздан ҳақоратли сўзлар ишлатганим учун узр сўрайман”, дейди аёл.

Суд қарори билан аёл ҳайдовчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41- (Ҳақорат қилиш) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Эркак ҳайдовчи эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- (Майда безорилик) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Вазиятда иштирок этган аёллардан яна бири Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятида хизмат вазифасини олиб бораётган ходимларни ҳақоратлаган қоидабузар фуқарога 15 суткага маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент шантаж ЙПХ ходими

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг