Тошкентда ЙПХ инспектори скутер ҳайдовчисига нисбатан жанговар усул қўллади
Жамият
−
04 Февраль 2021
23220Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида скутер ҳайдовчиси ва ЙПХ инспектори ўртасида рўй берган ҳодиса видеоси тарқалди. Пойтахт ИИББ Матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Жорий йилнинг 1 февраль куни тахминан соат 23:15 да Яшнобод тумани Шаҳрисабз кўчасида хизмат олиб борган Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспектори кичик сержант Дилшод Мусаев ҳаракат йўналиши шубҳали бўлган скутер ҳайдовчисига тўхташ ҳақида ишора қилган. Аммо ҳайдовчи ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабини менсимасдан ҳаракатни давом эттирган.
ЙПХ инспектори шериги сержант Нуриддин Досимов билан бирга зарур чораларни кўриб, транспорт воситасини Шаҳрисабз кўчасидаги “Браззери” ресторани ёнида тўхтатган.
Скутерни 32 ёшли Маҳамадхўжа М. бошқариб борган. Суҳбат давомида инспекторлар ҳайдовчидан келган спиртли ичимлик ҳидини сезиб унга экспертизадан ўтишни таклиф қилишган. Ҳайдовчи бунга жавобан инспекторларни ҳақорат қилиб, уларга фаол қаршилик кўрсатиб, уни транспорт воситаси бошқарувидан четлатишга халақит бермоқчи бўлган. Шу сабабли кичик сержант Д. Мусаев жанговар усул қўллаган.
Кейинчалик, экспертиза хулосаси ҳайдовчининг маст бўлганини тасдиқлаганидан сўнг унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддаси бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган. Транспорт воситаси жарима майдончасига жойланган.
Хабарда таъкидланишича, Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунига (21, 22-моддалар) мувофиқ ходим хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида жисмоний куч ишлатиш ҳуқуқига эга. Айни вақтда ЙПХ инспектори томонидан жисмоний куч ишлатилиши қонуний эканлигини текшириш мақсадида хизмат текшируви олиб борилмоқда.
LiveБарчаси