Тошкентда йирик оғуфурушлар тармоғи фош этилди (видео)
3-саҳифа
−
23 июл 2384 2 дақиқа
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида мефедрон ҳамда гашиш гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланган бир неча шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, Оҳангарон туманида ўтказилган тезкор тадбирда 1996 йилда Навоий вилоятида туғилган, Конимех туманида яшовчи фуқаро Тошсой маҳалласидаги дала майдонида олдиндан белгиланган жойдан 200 грамм мефедрон синтетик гиёҳвандлик воситасини олаётган вақтида ушланган. Аниқланишича, мазкур гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний бозордаги қиймати қарийб 10 минг АҚШ долларига тенг бўлиб, 2 минг марталик дозани ташкил этади.
Гумонланувчининг мобил телефони кўздан кечирилганда, Тошкент шаҳрининг Яшнобод, Миробод ва Сергели туманларида “закладка” усулида яширилган 300 га яқин гиёҳвандлик воситаларининг геолокацияси аниқланган. Текширув давомида 40 та манзилдан ҳар бири 1 граммдан қадоқланган мефедрон топилиб, процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Ўртачирчиқ туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида 1998 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, аввал Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) билан судланган ва ҳозирда Шаҳрисабз туманида яшовчи фуқаро бошқарувидаги Labo русумли автомобил тўхтатилган. Автомобил кўздан кечирилганда, рул чамбараги ичига яширилган 72 грамм гашиш гиёҳвандлик воситаси аниқланган.
Шунингдек, Тошкент туманида яшовчи 1981 йилда туғилган фуқаронинг хонадони кўздан кечирилганда, сотиш мақсадида яшириб қўйилган 101 грамм гашиш топилган. Терговга қадар текширувда у ушбу гиёҳвандлик воситасини Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида яшовчи 1986 йилда туғилган ҳамда Тошкент тумани “Қорабуйриқ” маҳалласида яшовчи 1969 йилда туғилган шахслардан олганини билдирган. Шундан сўнг ўтказилган махсус тадбир давомида 100 грамм гашишни 30 миллион сўмга сотиш жараёнида мазкур шахслар ҳам қўлга олинган.
Кейинги суриштирувларда гиёҳвандлик воситаларининг яна бир қисми Тошкент туманида яшовчи 1969 йилда туғилган шахсга тегишли экани аниқланиб, унинг уйидан қўшимча 20 грамм гашиш мусодара қилинган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан барча гумонланувчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши ўтказилган тезкор тадбир давомида қарийб 39 грамм гашиш сақлаган ва сотишга уринган шахс ушлаган эди.
Live
Барчаси