Тошкентда ёввойи чўчқа ноқонуний тарзда отиб ўлдирилди
3-саҳифа
−
05 Октябрь
6912Кеча, 4 октябрь куни Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида ёввойи чўчқани ноқонуний тарзда отиб ўлдирганлар жаримага тортилди. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Экология бошқармаси, вилоят Миллий гвардия ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан биргаликда Ангрен шаҳри “Жигаристон” МФЙ ҳудудида назорат тадбири ўтказилган.
Тадбир давомида фуқаролар И.З. ва Й.Б. томонидан ёввойи чўчқани маҳалланинг тоғли ҳудудида ов қуролида отиб ўлдирганлик ҳолати аниқланган. Оқибатда ҳайвонот дунёсига 16 миллион 875 минг сўм зарар етказилганлиги аниқланган. Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси (Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш) 3-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, уларга 7 миллион 500 минг сўм миқдорида жарима чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида ўтказилган рейдда уч фуқаро Зарафшон дарёсида электр қармоқ ёрдамида ноқонуний балиқ тутгани аниқланди. Ҳуқуқбузарлар жами 26 та товон, 8 та оқ амур, 6 та дўнгпешона, 32 та зоғора, 32 та лаққа, 249 та Самарқанд лойхўраги ҳамда 46 та Ўзбекистон Қизил китобига киритилган Туркистон мўйловдори балиқларини овлаган. Оқибатда табиатга 6 миллиард 324 миллион сўм зарар етказилган.