Тошкентда яна электробус билан “авария” юз берди
Жамият
−
15 Сентябрь 2023
6889Бугун, 15 сентябрь куни Тошкент шаҳрида электробус ва Nexia машинаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти ахборот хизмати хабар берди.
Айтилишича, бугун соат 09:23 да Миробод тумани Сайҳун кўчасида светофорнинг яшил чироғида ҳаракатланиб кетаётган автобус олдидан Nexia машинаси чиқиб қолиши оқибатида ЙТҲ содир бўлган.
Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган, электробус ва енгил автомобиль техник шикастланган.
“Ҳозирда ушбу йўл-транспорт ҳодисаси Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан ўрнатилган тартибда расмийлаштирилганини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 сентябрь куни Тошкент шаҳар Бектемир туманида ичида йўловчилари бўлган электробус йўл ёқасидаги “столба”га бориб урилганди.