Тошкентда Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университети филиали очилади
Жамият
−
18 Июнь 2020
6921Кеча, 17 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрида Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университети филиалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкент шаҳрида филиали ташкил этилади.
Филиалнинг асосий вазифаларидан бири иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий этишни рағбатлантириш, илмий тадқиқот натижаларини тижоратлаштиришни кенгайтириш, таълим олувчиларнинг инновацион ғояларини амалга ошириш учун инвестицияларни жалб қилишдан иборат.
Филиал нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади ва филиалда таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади.
Филиал битирувчиларига Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган университет дипломи берилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 18-19 февраль кунлари расмий ташриф билан Туркия Республикасида бўлиб қайтган эди. Ушбу ташриф давомида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Туркия Палаталари ва биржалари иттифоқи “ТОББ” қошидаги Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкентдаги филиалини очиш юзасидан меморандум имзолади.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг филиалини очиш ташаббуси 2019 йилнинг октябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар Ишбилармонлар кенгаши доирасида ўтказилган музокараларда илгари сурилган ва келишилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь