Тошкентда Туркия университети филиали очилади

Жамият 1959
image

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкентдаги филиалини очиш юзасидан меморандум имзолади

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга қилган расмий ташрифи доирасида 19 февраль куни Анқара шаҳрида ўтказилган Олий даражадаги Ўзбекистон – Туркия биринчи стратегик ҳамкорлик йиғилиши натижалари бўйича қўшма баёнот имзоланди.

Тадбир доирасида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар бўйича ҳам қатор келишувлар ўрин олди. Хусусан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Туркия Палаталари ва биржалари иттифоқи “ТОББ” қошидаги Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкентдаги филиалини очиш юзасидан меморандум имзолади.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг филиалини очиш ташаббуси 2019 йилнинг октябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар Ишбилармонлар кенгаши доирасида ўтказилган музокараларда илгари сурилган ва келишилган эди.

Пойтахтда очилиши кўзда тутилган университет филиали дуал таълим тизими асосида бизнес ва тадбиркорлик йўналишларида мутахассислар тайёрлайди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 18-19 февраль кунлари Туркияга ташриф амалга оширди. Ташриф давомида Президент Мирзиёев қатор расмий тадбирлар билан бирга Президент “Халқ кутубхонаси” очилиш маросимида ҳам иштирок этди. Шунингдек, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга ноёб китобларни совға қилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 32
Рейтинг: 3
t
×