Шавкат Мирзиёев Эрдўғанга “Усмон Мусҳафи”нинг нусхасини совға қилди
Жамият
−
21 Февраль 2020
10861Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти девонининг Халқ кутубхонасига “Усмон Мусҳафи”нинг нусхасини совға қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари Халқ кутубхонасининг очилиш маросимида маълум қилган.
“Бугун Туркияда катта шодиёна, таъбир жоиз бўлса, маънавият ва маърифат тўйи бўлиб ўтмоқда. Бизнинг халқимизда “Тўйга тўёна билан бормоқ лозим”, деган ҳикматли сўз бор.
Шунга кўра, биз Туркия Президенти девонининг Халқ кутубхонасига 350 дан зиёд турли мавзудаги китобларни келтирдик. Уларнинг орасида дунёда ўта ноёб бўлган, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган “Усмон Мусҳафи”нинг моҳир хаттотларимиз томонидан кўчирилган нусхаси ҳам бор”.
Президент Мирзиёевнинг қайд этишича, ислом оламининг фахри бўлмиш мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратларининг машҳур “Маснавий” асари қўлёзмасининг факсимиле нашри ҳам Халқ кутубхонасига совға қилинган.
Маълумки, буюк аллома Абу Бакр ар-Розийнинг “Касалликлар тарихи” номли асари бутун дунёда шуҳрат қозонган. Бу китобни ХVIII асрда истанбуллик табиб, шоир ва хаттот Муҳаммад Рафиъ арабчадан турк тилига таржима қилиб, ўз қўли билан кўчирган. Шавкат Мирзиёев келтирган китоблар ичида ушбу қўлёзманинг факсимиле нусхаси ҳам бор.
Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик кенгаши доирасида “Туркий адабиёт хазинаси” рукнида 100 жилдлик китоблар туркумини нашр этиш ғоясини илгари сурган эди. Ана шу эзгу ташаббуснинг илк самараси ўлароқ, Юнус Эмронинг ушбу асарини ҳам Президент девони Халқ кутубхонасига тақдим этилди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 20 февраль куни Анқара шаҳрида Туркия Республикаси Президенти девонининг кутубхонаси очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқаси – мамлакат биринчи хоними Зироат Мирзиёева, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва унинг рафиқаси – мамлакат биринчи хоними Эмина Эрдўған иштирок этди.