Тошкентда талаба қиз ўқитувчи томонидан пичоқлаб ўлдирилди

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳрининг Сергели туманида 2004 йилда туғилган қиз ва унинг таниши бўлган 51 ёшли хитойлик эркак 1998 йилда туғилган ўқитувчи томонидан пичоқлаб ўлдирилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.

Манбага кўра, жорий йилнинг 21 май куни Тошкент шаҳар Сергели туманида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ўриндош ўқитувчи бўлган 1998 йилда туғилган йигит мазкур университет талабаси – 2004 йилда туғилган қиз ва унинг таниши – 1975 йилда туғилган Хитой Халқ Республикаси фуқаросини рашк сабабли пичоқлаган. Маълумотларга кўра, пичоқланган хитойлик шахс воқеа жойида вафот этган, талаба қиз эса воқеадан икки кун ўтиб, жорий йилнинг 23 май куни шифохонада жон берган. Ушбу ҳолатни Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ’га тасдиқлади. 

Таҳририятга келган маълумотларга кўра, талаба олийгоҳнинг талабалар турар жойида яшаган. Ушбу ҳолат фонида олийгоҳда фаолият олиб борувчи эркак профессор-ўқитувчилар ва ходимлардан университет ректори номига талаба-қизларга нисбатан ҳар қандай ноўрин хатти-ҳаракат, шилқимлик ёки тазйиққа йўл қўймаслик, фақат касбий муносабатлар доирасида ишлаш ва университет қоидаларига риоя қилиш мазмунидаги кафолат хати ёздириб олинган. 

Ҳозирча мазкур ҳолат юзасидан университет ҳеч қандай расмий муносабат билдирмади. QALAMPIR.UZ журналисти университет расмийлари билан боғланганда воқеа тўлиқ инкор қилинмаган бўлса-да, у ҳақида маълумот ҳам берилмади. 

Мазкур ҳолат юзасидан Сергели туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятининг Косонсой туманида йигит рашк туфайли ўзи билан унаштирилган, 11 синфда таҳсил оладиган севгилисини пичоқлаб ўлдирган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент прокуратура талаба қиз Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг