Тошкентда сўнгги 5 ойда 29 киши ЙТҲ қурбони бўлди

3-саҳифа

image

Жорий йилнинг январь-май ойлари давомида пойтахт Тошкентда 29 киши йўл-транспорт ҳодисалари қурбони бўлди. Бу ҳақда кеча, 14 июнь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида ЙҲХБ томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар ҳамда йўл қўйилган камчиликларнинг муҳокамасига бағишланган йиғилишда сўз борган. 

Қайд этилишича, охирги беш ой давомида Тошкент шаҳрида 393 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган бўлиб, уларда 29 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 364 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олган. ЙТҲнинг 240 таси пиёдалар иштирокида содир этилган. 

ЙТҲлар таҳлил қилинганда, 99% ҳолатларда ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик, пиёдаларнинг белгиланмаган жойлардан йўлни кесиб ўтиши асосий сабаб бўлаётгани аниқланган.    

Пойтахт ИИББ бошлиғи ЙТҲнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир авария ўчоқларини таҳлил қилиш, таҳлил асосида зарурий чора-тадбирларни белгилаш, ҳайдовчилар ва пиёдалар ўртасида йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш бўйича профилактик тарғибот чораларини янада кучайтириш кераклигини айтган. 

Учрашувда, шунингдек, Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими фаолиятига тўхталиб, фуқароларга қўшимча қулайлик яратиш ҳамда ходимлар ўртасида коррупцион ҳолатларни олдини олиш мақсадида “Юнусобод”, “Чилонзор”, “Узбум-Миробод”, “Файзобод” рўйхатлаш бўлинмаларида 3 босқичли янги электрон тизим жорий этилганлигига алоҳида таъкидланган. Бунда аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ барча жараёнлар электрон қурилмалар ва Ягона электрон тизим орқали амалга оширилиши назарда тутилганлиги, бироқ айрим ҳолларда ходимлар томонидан бу тизимдан тўлиқ фойдаланилмаётганлиги танқид қилинган.  


Мақола муаллифи

Теглар

ЙТҲ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made