Тошкентда сирдарёликлар учун хайрияларни тўплаш қандай ташкил этилди?

Жамият

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳамкорлигида “Сардоба” сув омборида рўй берган тўғон ёрилиши натижасида талафот кўрганлар учун марказлашган инсонпарварлик ёрдамини тўплаш маркази ташкил қилинди.  QALAMPIR.UZ ушбу марказ ташкил этилганидан ярим соат ўтар-ўтмас, воқеа жойига етиб борди.

“Бу одамларнинг ғояси. Сардоба воқеалари жабрланувчиларига ёрдам беришда биринчи дақиқаларданоқ ташаббус билан чиқишди. Ижтимоий тармоқларда ўз ёрдамини бермоқчи бўлганларнинг мурожаати пайдо бўлди. Ўзингизга маълум, ҳозирги вазиятда юборилаётган маҳсулотларнинг санитария ва гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда дезинфекциядан ўтказилиши жуда муҳим. Шундан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар ҳокими бошчилигида мана шу марказ ташкил этилди. 

Бундай вазиятга мослашиш нуқтаи назаридан катта тажрибамиз йўқ. Жойида ўрганяпмиз.

Баъзан ижтимоий тармоқларда одамларимиз боқиманда бўлиб қоляпти, дейишади. Йўқ, бизнинг одамларимиздек саховатпеша одамлар йўқ. Миллати ва динидан қатъи назар жипслашишяпти. Бир киши янги кийимлар олиб келибди. Яна бир ҳамюртимиз 4 буханка нон олиб келган. Энди тасаввур қилинг, ўша инсон қанча маош олади, ўзининг бугунги шароити қандай... Шунга қарамай, одамларга ёрдам қўлини чўзяпти”, дейди Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати раҳбари Фурқат Маҳмудхўжаев. 

Хайрия маркази очилганига кўп бўлмади, аммо кўнгиллилар қаторида тадбиркорлар ҳам фаол.

Бугунгача Ўзбекистонда бу каби йирик офатлар кузатилмагани сабаб хайрия марказлари фаолиятига у қадар катта эҳтиёж сезилмаган. Пандемия даврида эса бундай ҳолатларни марказлаштириш, тизимлаштириш ишлари бўйича бироз тажриба тўпланди. Ана шу тажриба бугун Сирдарёдаги воқеаларда ҳам ас қотмоқда.

Кўнгилли фуқаролар ушбу марказга мурожаат қилган ҳолда Сирдарёдаги воқеадан азият чеккан юртдошларимизга кийим кечак, озиқ овқат маҳсулотлари, дори дармон ва антисептик воситаларни юборишлари мумкин. Тўплаган буюмлар ва маҳсулотлар ҳар куни Тошкент  шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси назорати остида жойларга етказиб берилади.

Сирдарё вилоятb аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун алоҳида ҳисоб рақамлар ҳам очилди. 

Рақамлар қуйидагича: 

1. Юридик шахслар учун 
23120000900001172001
МФО 01172
Poytaxt bank

2. Жисмоний шахслар нақд пул ўтказишлари учун
23116000400001172001

3. Payme ва Click оркали пул ўтказмаларни 
6262962209799486 
Poytaxt bank


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Сирдарё фожиаси

Баҳолаганлар

71

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг