Тошкентда шифохонадан қочган эркак машина ўғирлади
Жамият
−
12 Июль 2023
6604Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида жойлашган шифохонадан қочаётган эркак бировнинг машинасини ўғирлади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 28 июнь куни соат 13:10 ларда номаълум шахс Чирчиқ шаҳар Гуляева кўчасида жойлашган дорихона ёнида қаровсиз қолдирилган Nexia-3 русумли машинани ўғирлаб кетган.
Шундан сўнг, у мазкур машинани Чирчиқ шаҳар Алишер Навоий кўчасида бошқариб келаётиб, 41 ёшли С.И. бошқарувидаги Nexia-2 русумли автомашинанинг орқа томонидан уриб, ЙТҲ содир этган вақтида шаҳар ИИБ Жиноят-қидирув бўлими ходимлари томонидан ушланган. ИИБ ходимлари томонидан унинг шахсига аниқлик киритилганда, у Тошкент вилоятида яшовчи 35 ёшли У.М. экани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан У.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши доирасида гумонланувчи сўроқ қилинганда, у шаҳaр ҳудудидаги шифохонада даволанаётгани ва шифокорлар уни уйига жавоб бермагани учун қочиш мақсадида юқоридаги жиноятга қўл урганини айтган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда ва У.М.нинг руҳий соғломлиги текширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда 21 ёшли маст аёл 71 ёшли эркакнинг машинасини олиб қочган эди.