Самарқандда маст аёл 71 ёшли эркакнинг машинасини олиб қочди
Жамият
−
11 Июль 2023
8850Самарқанд вилояти Жомбой туманида 21 ёшли аёл 71 ёшли эркакнинг машинасини олиб қочди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти Ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 4 июль куни Жомбой туманида яшовчи 71 ёшли К.Р. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Унга кўра, К.Р.нинг Spark русумли машинасига йўловчи сифатида ўтирган шахси номаълум аёл уни туман ҳудудидаги ўрмон хўжалигига олиб бориши учун К.Р. билан келишиб олган. К.Р. йўлнинг овлоқ қисмида ўзининг шахсий эҳтиёжи учун машинани тўхтатиб, аёлни ёлғиз қолдиради. Бу вақтда эса номаълум аёл К.Р.га тегишли бўлган Spark русумли машинани олиб қочган.
Ушбу мурожаат асосида автомашинани қидириб топиш мақсадида вилоят миқёсида тўсиб ушлаш тадбири эълон қилиниб, барча ЙПХ масканларига, ЙҲХБ ходимларига бу ҳақда хабар берилган. Натижада жабрланувчига тегишли автомашина номаълум аёл томонидан Тайлоқ тумани Галаботир маҳалласи ҳудудида бошқариб бораётган вақтида тўхтатилиб, ундан мазкур автомашина тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Ушбу аёлнинг шахсига аниқлик киритганда, у Жомбой тумани Деҳқонобод маҳалласида яшовчи 21 ёшли Д.Н. экани ва у спиртли ичимликлар таъсирида бўлгани аниқланган.
Шунингдек, ҳолат юзасидан Жомбой тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Д.Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, Д.Н. процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.