Тошкентда пора билан қўлга тушган терговчи қочиб кетди
3-саҳифа
−
09 Октябрь
19724Тошкент шаҳри Юнусобод тумани прокуратураси катта терговчиси пора олаётганда қўлга тушди ва номаълум томонга яширинди. Шундан сўнг унга нисбатан жиноят иши очилди ва қидирув эълон қилинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Бош прокуратура бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда фуқаро И.Х.нинг аризаси асосида тезкор тадбир ўтказган. Муаллиф аризасида Тошкент шаҳар Юнусобод тумани прокуратураси катта терговчиси Ш.Ш. томонидан “B.H.” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан бўлган жиноят ишини унинг фойдасига ижобий ҳал қилиш учун пул маблағлари талаб қилганлигини маълум қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ушбу ариза асосида жорий йилнинг 7 октябрь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида, Ш.Ш. ариза муаллифидан келишилган 40 минг АҚШ долларини олиб, жиноий таъқибдан қутулиш мақсадида номаълум томонга яширинган (40 минг АҚШ доллари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган).
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Ш.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми "а" банди (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айбланувчига нисбатан сиртдан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинган.
“Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 100 минг доллар пора билан қўлга тушган Когон тумани прокурори Баҳодир Ғуломов 3 йил муддатга прокуратура органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 15 йил муддатга қамалганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь