Тошкентда “парковка” учун ҳақ тўламаганлар жаримага тортилиши мумкин
Local
−
13 July 27008 2 minutes
Энди Тошкент шаҳрида пуллик “парковка” учун ҳақ тўламаганлар жаримага тортилиши мумкин. Бу ҳақдаги қонун лойиҳасини пойтахт ҳокимлиги жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Лойиҳага кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни янги 128-11-модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда. Унга кўра, пуллик тўхтаб туриш жойидан фойдаланганлик учун белгиланган муддатда ҳақ тўламаслик ёки тўлашдан бўйин товлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) икки баравари (1 сентябргача 824 минг сўм, ундан кейин 880 минг сўм) миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади. Шу билан бирга, ушбу қоида қонунга мувофиқ “парковка”лардан бепул ёки имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Лойиҳада, шунингдек, тўлов амалга оширилмаганлик факти автоматлаштирилган фото ва видеофиксация воситалари ёрдамида олинган материаллар, шунингдек, ахборот тизимлари маълумотлари билан тасдиқланиши мумкинлиги назарда тутилган. Бундан ташқари, бундай маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартибини белгилаш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир қатор моддаларига ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда.
Шу билан бирга, ушбу қоида фақат давлат ҳокимияти органлари тасарруфидаги кўчаларда ташкил этилган йўл бўйидаги пуллик парковкаларга нисбатан амал қилади. Шлагбаумли хусусий пуллик парковкаларга бу қоида дахл қилмайди, чунки у ердан тўловни амалга оширмасдан туриб чиқиб кетиш имконсиз.
Қонун лойиҳаси муҳокамаси жорий йил 28 июлга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида нотўғри “парковка” қилганларга нисбатан чоралар кескинлаштирилиб, энди тўхташ тақиқланган жойларда қолдирилган автомобиллар эвакуватор ёрдамида жарима майдонларига олиб кетилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
All