Тошкентда ОИТСга чалинган стоматолог беморларни даволаб келгани аниқланди

3-саҳифа 13395
image
-

Тошкентда 29 ёшли стоматолог йигит ОИТС билан касалланганини била туриб, беморларни даволашда давом этгани аниқланди. Бу ҳақда “Янги давр” кўрсатувида хабар қилинди.

Маълум бўлишича, йигит Instagram’да танишган қизидан ушбу касалликни юқтириб олган. Белгиланган тартибга кўра, ОИТС билан касалланган шахслар бу фаолият тури билан шуғулланиши тақиқланган. У буни била туриб, фаолиятини давом эттирган.

Йигитнинг сўзларига кўра, у ижтимоий тармоқ орқали танишган қизини излаган, бироқ топа олмаган. 

“У билан икки марта кўришганман. Учрашганимдан икки ойларча ўтиб, текширтирганимда шундай касаллик чиқиб келди”, дейди у.

2021 йилнинг декабрь ойида Тошкент шаҳар ОИТСга қарши курашиш маркази ходимлари томонидан йигит назоратга олиниб, шифокор томонидан ОИТС касаллиги ва уни юқтириш йўллари ҳамда Ўзбекистоннинг ОИВ тўғрисидаги қонуни ҳақида тушунтириш берилган. У била туриб, ушбу касалликни бошқаларга юқтириш ёки юқтириш хавфи остида қолдириш, жиноий жавобгарликка тортилиши уқтирилганига қарамай, қоидаларга риоя қилмагани аниқланган.

Йигитга нисбатан Шайхонтоҳур туман ИИО ФМБ томонидан Жиноят кодексининг 113-моддаси (Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) билан жиноят иш қўзғатилган. Ушбу модда санкциясига кўра, айбдор беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Бухоро вилоятида аёл ОИТСга чалинганини била туриб, 4 йил давомида қарийб 40 кишига касалликни юқтиргани аниқланганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 672
Рейтинг: 3
Теглар
t
×