Тошкентда оғир юк ташувчи машиналар ҳаракати маълум вақт оралиғида чекланади
Жамият
−
22 Февраль
5542Тошкентда 10 тоннадан оғир транспорт воситаларининг тиғиз вақтларда ҳаракатланиши тақиқланди. Бу ҳақда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш” йилида амалга ошириш бўйича давлат дастурига оид Президент фармонида келтирилган.
Қайд этилишича, 1 мартдан бошлаб Тошкент шаҳрида юк ташиш учун мўлжалланган, рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3, О4 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида тақиқланади. Ушбу чекловлар махсус хизмат, шу жумладан, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш ва Қуролли кучларнинг юк транспорти воситаларига татбиқ этилмайди.
Шунингдек, мамлакатимизда чанг бўронларига қарши курашиш ва уларнинг салбий оқибатларини юмшатиш доирасида ҳудудларда чанг бўрони содир бўлаётганда ва атмосфера ҳавосида майда дисперс заррачалари белгиланган нормадан юқори бўлгани аниқланганда аҳолини огоҳлантириш, юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликларига чалинган ҳамда соғлиғи ҳавонинг ифлосланишига таъсирчанлиги юқори бўлган бошқа фуқароларни зарур профилактик чоралар тўғрисида доимий хабардор қилиш амалиёти йўлга қўйилиши белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, ўлчами 500 метр квадрат ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонларида, унга кириб-чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар жорий этилиши, 2030 йилга қадар Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларида “ЕВРО – 5” ва ундан юқори стандартларига мувофиқ бўлмаган автомашиналар эксплуатацияси босқичма-босқич чеклансин, дейилади фармонда.
Сарвар Хуррамов