Тошкентда Ободонлаштириш идорасининг сохта ходимлари тиланчилик қилди
Жамият
−
29 Ноябрь
4596Тошкент шаҳри кўчаларида гўёки "Ободонлаштириш ходимлари" қиёфасида автоулов эгаларидан пул сўраб, тиланчилик қилаётган айрим аёллар аниқланди. Бу ҳақда Чилонзор тумани ҳокимлиги хабар берди.
Ҳокимлик эълон қилган видеода ободонлаштириш ходимлари мурожаат билан чиқиб, чорраҳаларда ўзларини ободонлаштириш ходими сифатида таништириб, автомобиль эгаларидан пул сўраётган аёллардан бу ишидан қайтишини сўраган.
Ҳокимлик масъул ходимларидан бири кўчада ободонлаштириш ходимларининг кийимларини кийиб юрган сохта ходимларнинг олдига бориб, уларни сўроққа тутганида, улар Олмазор тумани ҳокимлиги Ободонлаштириш бўлими ходимлари эканини айтган. Шу вақтда Ободонлаштириш бўлими раҳбарига қўнғироқ қилиниб, ҳақиқатда шундай ходимлар борлигини сўралганида, тизимда бундай ходимлар йўқлиги аниқланган.
Сохта ободонлаштириш ходимлари улар ҳақиқатда ходим эмаслигини тан олиб, пул топишга имкони йўқлиги, шу сабаб шундай йўл орқали пул топишга мажбур бўлганини айтган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-3 моддаси ва Жиноят кодексининг 127-1 моддасида тиланчилик қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Тошкент шаҳрининг Юнусобод ва Янгиҳаёт туманларида тиланчилик қилган шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-3 моддасига (тиланчилик қилиш) кўра жазо тайинланганди.
LiveБарчаси