Тошкентда тиланчилик қилаётганлар жазоланди
3-саҳифа
−
25 Сентябрь
5446Тошкент шаҳрининг Юнусобод ва Янгиҳаёт туманларида тиланчилик қилган шахсларга нисбатан қонуний чора кўрилди. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Юнусобод туманида автомобиль йўлида юрган ногиронлиги бор шахснинг видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалгач, туман ички ишлар органлари ходимлари у билан профилактик суҳбат олиб борган.
“Тиланчилик қилаётганимда ички ишлар ходимлари кўриб, олиб келди. Эски-туски нарсалар, оёқ кийим тикардим. Ўзимнинг ишимга қайтаман. Давлат ходимлари тушунтирди, қонунга зид экан”, дейди эркак.
Шунингдек, профилактик тадбирлар давомида фарзандини тирикчилик манбаи қилиб олган, уларнинг ҳаётини хавф остида қолдираётган аёллар ҳам учраган. Уларнинг кўпчилиги 40 ёшдан ошмаган аёллар экани таъкидланган.
“Ерости ўтиш йўлида тиланчилик қилаётган икки нафар аёл шахсига аниқлик киритилиб, дастлабки ҳужжатлар расмийлаштирилди ва судга юборилди. Ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий жазо қўлланилди”, дейилади хабарда.
Янгиҳаёт туманида ўтказилган рейд тадбирларида эса вояга етмаган икки қиз тиланчилик қилаётгани аниқланган. Улар асли Самарқанд вилоятидан бўлиб, Тошкент шаҳрига тиланчилик мақсадида келган. Ўсмирлар вояга етмаганларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш марказига юборилган.
Ҳуқуқбузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-3 моддасига (тиланчилик қилиш) кўра, жазо тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона шаҳрида фирибгарлик йўли билан тиланчилик қилаётган йигитлар аниқланиб, жазога тортилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь