Тошкентда наркотик тарқатиб юрган “закладчик” ушланди (видео)
3-саҳифа
−
20 июл 2144 2 дақиқа
Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида “закладка” усулида наркотик тарқатган шахс ушланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, тезкор тадбир давомида ИИО ходимлари Учтепа туманининг 24-мавзесида шубҳали ҳаракат қилаётган фуқарони кузатувга олган. Тўхтатилган гумонланувчи кўздан кечирилганда, унинг ёнидан кўк изоляцион лентага ўралган 12 дона номаълум модда топилган.
Шундан сўнг, гумонланувчининг автомобили ҳам текширилиб, автомобилдан яна 18 дона худди шундай ўрам аниқланган. Дастлабки суриштирувлар давомида ушбу шахс томонидан Учтепа тумани ҳудудида “закладка” усулида яшириб қўйилган яна 18 дона синтетик гиёҳвандлик моддаси топилиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
Шунингдек, гумонланувчининг телефони текширилганда, наркотик моддалар яширилган жойларнинг суратлари ва координаталари аниқланган. Натижада жами 49 дона синтетик гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний тарқатилишининг олди олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчига нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни Telegram мессенжерида турли хил номдаги ботлар орқали сотиб келган собиқ профессионал футболчи қўлга олинганди.
Дилнура Уринова
Live
Барчаси