Тошкентда нарколаборатория ташкил қилган шахслар ушланди
3-саҳифа
−
08 Август
3348Тошкентдаги 2 хонадонда нарколаборатория ташкил қилган шахслар аниқланди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги “Дўстлик” чегара божхона пости орқали пиёда равишда кириб келган йўловчилардан бирининг қўл сумкаси белгиланган тартибда кўздан кечирилганда унинг ичида гўёки кир ювиш кукуни борлиги айтилган, аслида эса жами 33 кг оғирликдаги 11 дона қадоқда “Прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддасига ўхшаш модда яшириб қўйилгани аниқланган.
Шундан сўнг, тезкор-қидирув тадбирлари Тошкент шаҳрининг “Олой” бозори атрофида давом эттирилиб, ушбу кукунларни қабул қилиб олувчи 2 нафар шахслар ҳам қўлга олинган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги 2 та хонадонда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қўлбола усулда тайёрлаш ва қадоқлашга мўлжалланган яширин лабораториялар ташкил қилингани аниқланган. Унда қиймати салкам 2,1 млрд сўмлик 56,5 килограммга яқин кучли таъсир қилувчи моддалар, 90 дона “Тропикамид”, 1020 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари, 15 минг дона “Регапен” бўш капсулалари ва 11 минг дона “Тропикамид”нинг бўш идишлари ҳамда 24 дона лаборатория жиҳозлари сақланган.
“Ўтказилган тезкор тадбирлар якунида жами 7 млрд 570 млн сўмлик кучли таъсир қилувчи дори воситалари ва уларни тайёрлашда ишлатиладиган прекурсорлар ҳамда лаборатория жиҳозлари далилий ашё тариқасида олинган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қирғизистонлик наркокурьер йирик партиядаги гиёҳванд моддаларни Ўзбекистонга олиб ўтаётганда қўлга олинганди.
LiveБарчаси