Тошкентда Марказий Осиё махсус хизматлари раҳбарларининг биринчи учрашуви ўтказилди

Жамият

image

Бугун, 24 апрель куни Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари махсус хизматлари раҳбарларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди. 

Йиғилишда Ўзбекистондан Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов, Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Қамчибек Ташиев, Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Ермек Сагимбаев, Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Саймўмин Ятимов ҳамда Туркманистон махсус хизматлари раҳбари қатнашди.

Қайд этилишича, ушбу тадбир Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг VII Маслаҳат учрашувидаги раислиги доирасида ташкил этилди. Тадбир очилишида иштирокчиларга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мурожаати ўқиб эшиттирилди. Унда Марказий Осиё давлатлари махсус хизматлари мулоқоти минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича қўшма ёндашувлар ва таъсирчан механизмларни ишлаб чиқишга хизмат қилиши айтилди.

Учрашув давомида асосий эътибор минтақа мамлакатлари хавфсизлигига замонавий таҳдидлар ва хатарларга баҳо беришнинг ягона ёндашувларини ишлаб чиқиш, шунингдек уларни бартараф этишда махсус хизматлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш масалаларига қаратилди.

Томонлар минтақавий хавфсизлик, терроризм, экстремизм, ноқонуний наркотик ва қурол-яроғ айланмасига қарши курашиш, трансмиллий жиноятчилик, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш соҳаларидаги долзарб масалаларни ҳамда ўзаро манфаатли бошқа ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди.

“Ушбу тадбир Марказий Осиё давлатлари ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим босқич бўлиб, минтақамизда тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида махсус хизматлар раҳбарларининг мунтазам учрашувларига асос солди”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 24 май куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик идоралари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгашининг 54-мажлиси бўлиб ўтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий Осиё махсус хизматлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг