Тошкентда мактабга қабул қилиш учун тўлов бекор бўлди
Жамият
−
08 Август 2019
4386Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, мактабларга қўшимча квота бўйича қабул мактабларнинг имкониятидан келиб чиқиб, тегишли микроҳудуд бўйича асосий квотага тушмаган болалар учун амалга оширилиши белгиланди.
Илгари қўшимча квота – мактабларнинг имкониятидан келиб чиқиб, микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги, микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган (тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган), шунингдек, мактабларда таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлмаган болалар учун ажратилар эди.
Эндиликда, болаларни мактабларга қўшимча квота асосида қабул қилиш мактаб директорлари томонидан амалга оширилади.
Илгари бу жараён Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилар эди.
Болаларни мактабларга қўшимча квота бўйича қабул қилиш 10 августдан 31 августга қадар амалга оширилиши белгиланди.
Шунингдек, мактабларга болаларни қўшимча квота бўйича қабул қилишда ундириладиган тўлов бекор қилинди.
Илгари қўшимча квота бўйича мактабларга қабул қилиш учун бир болага нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан кам бўлмаган миқдорда йиғим ундирилиши назарда тутилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь