Тошкентда коронавирусга чалинган ҳомиладор аёл фарзандли бўлди
Жамият
−
07 Июнь 2020
6365Бугун, 7 июнь куни Тошкентдаги 3-сонли туғуруқ мажмуасида коронавирус инфекциясига чалинган бешариқлик ҳомиладор аёл фарзандли бўлди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Жигар етишмовчилиги билан хасталанган 21 ёшли аёл жорий йил 19 май куни Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридан чартер рейс орқали Тошкентга олиб келинган ва карантинга олинган эди.
Унда ҳомиладорлик биринчи ярми енгил даражадаги токсикоз билан кечган. Сўнгги икки ҳафта давомида эса оёғида шишлар, нафас сиқиши, хансираш, бурун битиши, томоқ қичишиши, таъм ва ҳид билиш сезгиларининг йўқолиши, тери сарғайиши бошланган. Ундан олинган таҳлил натижаларига кўра, аёлда коронавирус аниқланиб, мазкур 3-сонли туғруқ мажмуасига олиб келингач, биринчи навбатда, таҳлиллар олинган, чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилган.
Унда малакали шифокорлар, жумладан, акушер-гинеколог, эпидемиолог, анестезиолог-реаниматолог, инфекционист-гепатолог, неонатолог каби қатор мутахассислар иштирок этиб, зарур ва тезкор даво муолажалари олиб борилган.
Жорий йил 6 июнь куни ҳомиладор аёлда туғруқ бошланиб, туғруқ жараёни 7 соат давом этган. Туғруқнинг иккинчи даврида аёлда нафас етишмовчилиги, ҳолсизлик, қон босимини кескин кўтарилиши каби белгилар кучайиб, жараён намланган кислород бериш остида олиб борилган. Шунга қарамай, тажрибали шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида ҳомиладор аёл ўғил фарзандли бўлди. Энг муҳими, туғруқдан кейинги даврда аёлнинг ҳаётига хавф солувчи асоратлар кузатилмади.
Янада қувончлиси эса, чақалоқдан коронавирусга олинган таҳлил натижалари ёш мурғакда инфекция йўқлигини кўрсатган.
Айни пайтда чақалоқнинг ҳолати қониқарли бўлиб, онаси билан бирга шифокорларнинг тиббий кузатувида бўлиб туришибди.
LiveБарчаси