Тошкентда хорижий инвестиция ҳисобига бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган саноат корхоналари барпо этилади
Жамият
−
14 Май 2019
3886Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 май куни хорижий инвестициялар иштирокидаги устувор лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Мамлакатда фаол инвестиция сиёсати олиб борилмоқда. Инвестиция муҳити тобора яхшиланиб, ишбилармон доиралар юртимиздаги лойиҳаларга катта қизиқиш билдирмоқда. Халқаро молия институтлари, ривожланган давлатлар ва йирик компаниялар иқтисодий-ижтимоий соҳаларга сармоя киритмоқда.
Биргина жорий йилнинг ўзида Германия Федератив Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой Халқ Республикаси, Корея Республикаси ва бошқа давлатлар раҳбарлари билан олий даражада мулоқотлар бўлиб ўтди. Улар доирасида саноат, энергетика, инфратузилма, қурилиш, транспорт, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим каби соҳаларда муҳим келишувларга эришилди. Ҳар бир давлат билан қўшма лойиҳалар ижросини таъминлаш учун Президент қарорлари асосида “йўл хариталари” тасдиқланди.
Жорий йил 8 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги барча лойиҳалар тўртта рўйхатга ажратилиб, биринчи рўйхатдаги энг муҳим стратегик лойиҳалар Президентнинг доимий назоратида бўлиши белгиланган эди.
Йиғилишда ана шундай устувор инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши атрофлича таҳлил қилинди.
“Инвестиция иқтисодиёт ривожи, халқимиз ҳаёт сифати ва фаровонлигини таъминлайдиган асосий манбалардан биридир. Ривожланган давлатлар билан муносабатларимиз янги босқичга кўтарилганидан келиб чиқиб, жадал ва тизимли ишлашимиз керак”, деди давлат раҳбари.
Бу борада муайян ишлар амалга оширилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тизимига шу соҳа бўйича вазирнинг биринчи ўринбосари лавозими киритилди. Ҳар бир мамлакат билан ишлаш бўйича алоҳида бошқармалар ташкил қилинди. Бундан ташқари, мутасадди раҳбарлар бошчилигида махсус ишчи гуруҳлар тузилди.
Йиғилишда хорижий инвестициялар иштирокидаги устувор лойиҳалар бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботлари эшитилди.
Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳолати жуда сустлиги, улкан молиявий имкониятлардан самарали фойдаланилмаётгани танқид қилинди. Эришилган келишувлар ва қўшма лойиҳалар ижросини ўз вақтида ва сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, иш ўринлари яратиб, халққа фойда келтирадиган, иқтисодий самарадор янги лойиҳалар ишлаб чиқиш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.
Тараққий этган мамлакатларда инвестициялар жалб этиш бўйича тажриба Бирлашган Араб Амирликлари мисолида кўриб чиқилди. Энг замонавий ёндашув ва иш юритиш услубларини соҳа ва тармоқларимиз фаолиятига жалб этиш, ушбу мамлакатдан мутахассислар таклиф этган ҳолда ёки онлайн тарзда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида малака ошириш ва тажриба ўрганишни ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди, бу борада аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилишда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда Тошкент шаҳрида замонавий саноат корхоналари ташкил этишга қаратилган ишлар ижроси ҳам таҳлил қилинди. Бу лойиҳалар шаҳарнинг мавжуд инфратузилмасидан самарали фойдалан ҳолда бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, айниқса, аҳолини иш билан таъминлаш жиҳатидан муҳимлиги қайд этилиб, уларни тезроқ ишга тушириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тизимини такомиллаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари инвестиция соҳасига доир қонунчилик халқаро нормалар даражасида такомиллаштирилиши, улар ҳар бир инвесторга ишонч, кафолат бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда берилган топшириқлар юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
LiveБарчаси