Тошкентда хонадонида наркотик сақлаган шахс ушланди
3-саҳифа
−
25 Январь
2119Кеча, 24 январь куни Тошкент шаҳридаги хонадондан ҳар хил турдаги гиёҳванд ва психотроп моддалари ва уларни қадоқлашда керак бўладиган буюмлар сақлаган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Чилонзор туманида ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида 1993 йилда туғилган Р.И.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилган. Текшириш жараёнида пухталик билан яширилган умумий оғирлиги 132 грамм бўлган 29 702 дона бир марталик истеъмол учун тайёрлаб қўйилган ҳар хил турдаги гиёҳванд ва психотроп моддалари, 3 дона электрон тарози, изолента ва “зип” пакетлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Шайхонтоҳур туманида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда 1982 йилда туғилган муқаддам ўғирлик жинояти учун судланган Ҳ.А. ҳамда 1988 йилда туғилган У.Ф. кетаётган автомашина тўхтатилиб холислар иштирокида текширилган. Текширув жараёнида автомашина салонида 1028 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари аниқланди ва ашёвий далиллар тегишли тарзда расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2511-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Сергели ва Яшнобод туманларида кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланган шахслар ушланганди.