Тошкентда канализация суви каналга оқизилгани аниқланди

Жамият

image

Аввалроқ, Яккасарой туманидаги “Beter best” МЧЖ қурилиш объектида канализация қувурига шикаст етиши оқибатида ер ўпирилиши ҳолати кузатилгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу қувурдан чиққан оқова сув Салар каналига оқизилгани аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси бошлиғи Акмал Расулов бошчилигида тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, воқеа жойига чиқилган. Ўтказилган ўрганишлар давомида оқова сувларни Салар каналига тўғридан тўғри ташлаш ҳолати аниқланган.

Ишчи гуруҳ таркибига бошқарманинг Атроф-муҳит мониторинги, иқлим ўзгаришига мослашиш ва гидрометеорология йўналишидаги таҳлилий лаборатория мутахассислари ҳамда Яккасарой тумани экология назорати инспекцияси давлат инспекторлари жалб этилган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан бошқарма таҳлилий лабораторияси мутахассислари канал сувидан намуналар олиб, лаборатория таҳлилига юборган. Таҳлил натижалари ҳамда ўрганиш якунларига кўра, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилмагани юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.

Билдирилишича, қўшимча маълумотлар ўрганиш ишлари якунига кўра тақдим этилади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг