Тошкентда қизларини “тарбиялаш” мақсадида муттасил калтаклаб келган эркак қамалди
3-саҳифа
−
27 Январь
4712Тошкент вилоятида қизларини доимий равишда калтаклаган эркак уч йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжатлари билан танишди.
Суд қарорига кўра, Қашқадарё вилоятида туғилган 48 ёшли судланувчи ижара уйида 14 ёшли икки қизи ва 17 ёшли ўғли билан яшаган. Болаларнинг онаси Россияда меҳнат мигранти сифатида ишлаб, пул юбориб турган ва баъзан уйга ҳам келиб турган.
Жабрланувчи қизларнинг сўзларига кўра, отаси уларни арзимаган сабаблар билан қўллари ва пол ювиш “швабра”си билан калтаклаган. Улар бу ҳақда онасига айтса, ўлдириш билан таҳдид қилган. Шунингдек, қизлар онасидан келган пулларни эркак ўз эҳтиёжларига сарфлаб, болаларни оч қолдирганини маълум қилган.
Қизлар зўравонликнинг бир нечта ҳолатини камерага ёзиб, онасига юборган. Уларни кўриб, онаси ортга қайтгач, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган.
Шундан сўнг эркакка нисбатан 110-модда (Қийноқлар) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Зангиота тумани суди уни айбдор деб топиб, уч йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Эркак айбини тан олган, лекин қизлар унинг гапига қулоқ солмагани учун уларни “тарбиялаш” мақсадида шундай йўл тутганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда онаси томонидан аёвсиз калтакланган 4 ёшли қиз вафот этганди.