Тошкентда ишга шиппакда келган ҳайдовчи калтакланди
3-саҳифа
−
19 Июль 2023
14193Тошкент шаҳри Сергели туманидаги “4-автобус саройи”да ишловчи ҳайдовчилардан бири иш жойига “тапочка”да келгани учун калтаклангани айтиляпти. Бу ҳақда жабрланган эркакнинг рафиқаси “Миллий” телеканалининг “Миллар” кўрсатувига берган интервьюсида маълум қилди.
Қайд этилишича, воқеа жорий йилнинг 14 июль санасида содир бўлган. Эркак иш жойига шиппакда келганидан сўнг муассаса техник муҳандиси у билан суҳбат ўтказган. Суҳбат жараёнида жанжал келиб чиқиб, ҳайдовчи калтакланган. Корхона ҳуқуқшуносининг айтишича, жабрланувчи ички тартиб-қоидаларни бузган.
“Техник муҳандис у билан суҳбатлашаётганда ўзаро жанжаллашиб, ҳақоратлаган. Ҳайдовчи муҳандисни шахсий транспорт воситасига ўтказиб, корхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиб кетган. У ерда нима бўлгани бизга номаълум. Маълум вақтдан сўнг, ҳайдовчининг акаси ва уларнинг бир нечта танишлари маст ҳолатда келиб, муҳандисни ҳам ҳақоратлаган", дейди ҳуқуқшунос.
Унинг сўзларига кўра, жанжал пайтида техник муҳандиснинг ҳам бурни ва тиши синган.
Ҳайдовчининг аёли эса эри ўша куни ичмагани, ишга келганида бир неча киши томонидан калтаклангани, муассаса раҳбарияти эса камера ёзувларини очиқлашдан бош тортаётганини иддао қилмоқда.
Аёлнинг айтишича, турмуш ўртоғи юзидан жиддий жароҳат олган, мияси чайқалган ва жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган.
Таъкидланишича, калтакланган ҳайдовчи тахминан бир ой муддат давомида ишга чиқолмайди.
Шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан берган муносабатига кўра, ҳозирда текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Фуқарога етказилган тан жароҳатининг оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь