Тошкентда ичимлик суви таъминоти яна 6 соатда тўлиқ тикланади
Жамият
−
25 Январь 2022
3911Тошкентда яқин соатлар ичида ичимлик суви таъминоти тикланади. Бу ҳақда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, пойтахт аҳолисининг асосий қисмини ичимлик суви билан таъминловчи “Қодирия” бош сув иншоотида юқори кучланишли электр таъминотида носозлик сабаб насос агрегатларида ўчиш ҳолати юзага келган.
Шу туфайли, Тошкент шаҳрининг қатор ҳудудларида ичимлик сув таъминоти билан боғлиқ узилишлар рўй берган.
Хабарга кўра, ҳозирги вақтда сув иншоотида электр таъминоти қайта тикланган, ичимлик сув гидравлик режимини тиклаш бўйича тезкор чоралар кўрилмоқда.
“Яқин соатлар ичида Тошкент шаҳри сув таъминоти олдинги маромига қайтади”, дейилади хабарда.
Уй-жой коммунал хўжалик вазирлиги Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Шайхонтоҳур, Олмазор туманларига ва Чилонзор туманининг бир қисмига 3 соат ичида сув бериш тўлиқ тикланишини маълум қилди. Вазирликка кўра, Тошкент 6 соат ичида тўлиқ сув билан таъминланади.
Қайд этиш керак, Тошкент вилоятининг Олмалиқ, Ангрен, Чирчиқ, Оҳангарон шаҳарлари ҳамда Юқори Чирчиқ, Паркент, Бўстонлиқ туманларида ичимлик сув таъминоти тўлиқ ишга тушди.
“Конец света”
Бугун, 25 январь куни соат 11:00 ларда Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида электр энергияси таъминоти узилди. Бунинг ортидан дастлаб, Тошкент метрополитени фаолияти тўхтатилди, поездларнинг манзилга етиб бориш вақти кечиктирилди.
Кейинроқ, қўшни мамлакатлар — Қозоғистон ва Қирғизистоннинг қатор ҳудудларида ҳам электр энергияси узилди. Ўзбекистонда эса барча аэропортлар фаолияти чекланди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, Қозоғистон Электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида Олмаота, Чимкент, Тарас, Туркистон (вилоятларида) ва атроф ҳудудларида Электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келган.
Вазирлик маълумотларига кўра, ҳозирда Тошкент вилоятидаги Чорвоқ, Хожикент ва Товоқсой гидроэлектр станциялари, Навоий вилоятидаги Навоий иссиқлик электр станцияси, Қорақалпоғистон Республикасидаги Тахиатош иссиқлик электр станцияси ҳамда Фарғона вилоятидаги Фарғона иссиқлик электр маркази орқали энергетика тизимига қувват узатиш бошланган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрининг қатор ҳудудларида электр таъминиоти тикланди.
LiveБарчаси