Тошкентда доктор тавсиясисиз дори қабул қилган бемор шифохонага ётқизилди
Жамият
−
06 Сентябрь
4027Ижтимоий тармоқларда фуқарода шифокор тавсиясисиз “Цефтриаксон” дори воситасини қўллаш туфайли ножўя таъсирлар кузатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази маълумот берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида яшовчи А.Х. ўзида 3 кун давомида иситма, ҳолсизлик кузатилгандан сўнг уй шароитида даволанмоқчи бўлган. У шифокор тавсиясисиз, ўзбошимчалик билан “Цефтриаксон” ва “Лидокаин” дори воситалари аралашмасини онаси ёрдамида мушак орасига қабул қилган. Орадан чамаси 10 дақиқа ўтгач, беморда бадан қақшаши, кучли ҳолсизлик, нафас сиқиши ва қон босимининг меъёридан ошиб кетиши кузатилган.
Шундан сўнг фуқаро тез ёрдам машинасида дислокация бўйича дастлаб Эргашев номли 4-сонли шаҳар клиник шифохонаси, кейин эса ихтисослашган ёрдам кўрсатиш мақсадида Ибн Сино номли 1-сонли шаҳар клиник шифохонасига олиб борилиб, стандарт бўйича даво чоралари қўлланган.
Бажарилган муолажалар натижасида беморда тошмалар, иситма, ҳолсизлик каби симптомлар бартараф этилиб, фуқаронинг аҳволи яхшилангандан кейин уйига жавоб берилган.
“Ушбу препарат қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтган ҳамда лаборатор текширувлар натижасида сертификатлаштирилиб, тиббиёт амалиётида қўллаш учун рухсат этилган. Шунга қарамасдан, бемордан қабул қилиб олинган препаратлар айни дамда Марказ лабораторияларида қайта текширувдан ўтказилмоқда”, дейилган хабарда.
Марказга кўра, “Цефтриаксон” препарати кенг таъсир доирасига эга бўлган антибиотиклар оиласининг учинчи авлодига мансуб экани ва у бактериал инфекцияларни даволашда қўлланади. Лекин шамоллаш, грипп ва бошқа вирусли инфекциялар муолажасида таъсир кўрсатмайди. Бу препарат шифокор рецепти асосида берилади ва шифокор назорати остида қўлланади. Ундан уй шароитида ўзбошимчалик билан фойдаланиш мутлақо мумкин эмас.
LiveБарчаси