Тошкентда божхона ходимларидан иборат ноқонуний диний жамоат фош этилди (видео)

3-саҳифа

image

ДХХ ва ИИВ ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда божхона идораларининг 3 нафар ходими ва талабадан иборат ноқонуний диний жамоат фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, пойтахтдаги миллий таомлар ошхоналаридан бирида тунги вақтда божхона идораларининг 3 нафар ходими, Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси, технопарк директори ўринбосари, хусусий автомактаб директори ўринбосари, “Сергели-авто” бозорида савдо билан шуғулланувчи шахслар ва бошқалардан иборат жами 17 нафар фуқаро овқатланиш баҳонасида тўпланиб, турли хил диний адабиётлардан фойдаланган ҳолда ноқонуний жамоат кўринишидаги йиғинларни ташкил этган.

1976-2001 йиллар оралиғида туғилган мазкур шахсларнинг кўпчилиги асли наманганлик бўлиб, ҳозирда Тошкент шаҳрида истиқомат қилади.

Аниқланишича, Божхона қўмитасининг бошқарма бошлиғи ўринбосари динга мутаассибларча берилиб, 2021 йилдан бошлаб мазкур норасмий диний дарсларни мунтазам равишда ташкил этиб келган. У ҳар бир дарс учун жамоат аъзоларидан маълум миқдорда пул йиғиб, устозларга берган.

Гуруҳ аъзолари 1989 йилда Наманган вилоятида туғилган ва ҳозирда Миср Араб Республикасида бўлган шахсдан Telegram мессенжери орқали онлайн тарзда сабоқ олган.

Шунингдек, уларга Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси ҳам оффлайн тарзда диний маърузалар ўтган.

Ҳозирда Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари, божхона органлари тезкор ходими ва катта инспектори, шунингдек, Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси ҳамда жамоат аъзоларига Миср давлатидан туриб, онлайн тарзда диний сабоқ берган фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Қолган фуқаролар жиноят иши доирасида гумонланувчи сифатида терговга жалб қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилояти Бойсун туманида йилига 500 минг сўмдан 1 миллион сўмгача бўлган миқдорда пул эвазига болаларга ноқонуний диний сабоқ бериб келган 1989 йилда туғилган, маълумоти ўрта бўлган шахс қамалган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

ДХХ Давлат хавфсизлик хизмати ноқонуний диний жамоат тезкор тадбир

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг