Тошкентда бош ҳисобчи 2 млрд сўмга яқин пулни талон-торож қилди
3-саҳифа
−
20 Январь
3282Тошкент вилоятида жойлашган икки МЧЖнинг бош ҳисобчиси 1,9 млрд сўм пулни талон-торож қилди. Бу ҳақда Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланишича, фуқаро С.О. “Л.А.” ва “З.П.” МЧЖларнинг бош ҳисобчиси лавозимида ишлаб келган. У ушбу корхоналарнинг электрон рақамли имзо калитларидан фойдаланиб, жами 1,9 млрд сўм маблағларини ўзининг пластик картасига ўтказиб олиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг ҳоким ёрдамчиси фуқародан 30 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганди. Ушбу ҳоким ёрдамчиси муқаддам Жиноят Кодексининг 167-(Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-(Фирибгарлик), 205-(Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва бошқа моддалари билан 3 маротаба судланган.
LiveБарчаси