Наманганда мулозимлар 1,3 млрд сўмни “жиғилдонига урди”
Crime
−
15:25 1324 1 minute
Наманган вилоятида мактабгача ва мактаб таълими бўлимида 1,3 млрд сўм талон-торож қилинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Учқўрғон тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъул шахслари ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, “Меҳнатобод” ва “Деҳқонобод” МФЙ ҳудудларидаги хонадонларда мактабгача таълим ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиб, мазкур МТТлар фаолият юритмаса-да, расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритган. Улар 1,3 млрд сўмлик субсидия маблағлари ажратиб, бюджет маблағларини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида солиқ инспекциясининг уч нафар ходими 97 нафар солиқ тўловчидан 122,6 млн сўмни олиб, ўзлаштиргани аниқланганди.