Тошкентда битта тўйда 79 киши коронавирус юқтириб олди

Жамият 23876
image

Пойтахт Тошкентнинг Юнусобод туманида ўтказилган тўйда бирданига 79 киши коронавирус юқтириб олган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов “Ўзбекистон-24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилган. 

Шодмоновнинг айтишича, охирги 14 кунда коронавирус бўйича аниқланган ҳолатларнинг 52%и чет элдан келган фуқароларда, 48%и эса мамлакат аҳоли орасида аниқланган. 

Аҳоли орасида тўй, турли маросим ва оилавий тадбирлар вируснинг тарқалишига хизмат қилмоқда. Масалан, 4 та тўйда 110 та касаллик аниқланган, бундан ташқари, биргина Юнусобод туманида ўтказилган тўйда 79 киши вирус юқтириб олган. 30 кишилик лимитга риоя этиш учун бир кунда уч марта тўй қилинган. 

Охирги бир ойда Ўрикзорда 35 та, Юнусобод бозорида 39 та, Чорсуда 11 та, Абу Сахийда 47 та, Чилонзор буюм бозорида 52 та ҳолатда вирус аниқланган. Қурилиш ташкилотларида 200 дан ортиқ кишида вирус қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарори жорий йил 30 июндаги қарори билан “қизил”, “сариқ” ва “яшил” ҳудудларда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларини 30 кишидан ортиқ бўлмаган тартибда ўтказишга рухсат берилган эди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 792
Рейтинг: 3
t
×