Тошкентда бир ҳафта ичида учинчи марта электробус иштирокида ЙТҲ содир бўлди
3-саҳифа
−
08 Июнь 2023
6709Бугун, 8 июнь куни Тошкент шаҳри Учтепа туманида Yutong русумли электробус иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик жамиятининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугун соат 12:30 ларда, “7-Автобус саройи” филиали тасарруфидаги, электробус ҳайдовчиси (Х.М. 1979 йилда туғилган) транспорт воситасини Учтепа тумани Гулистон кўчаси орқали “Мухлиса” ва “Аҳмад” бекатлари оралиғида бошқариб бораётган вақтда йўл четида турган маст ҳайдовчи бошқарувидаги Lacetti автомобили тўсатдан йўлининг қатнов қисмига чиқиб, электробусга урилган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида жабрланганлар йўқлиги маълум қилинган. Yutong электробуси ва Lacetti автомобили техник шикастланган.
“Ҳозирда ушбу йўл-транспорт ҳодисаси Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан расмийлаштирилганини маълум қиламиз.
Ҳурматли ҳайдовчилар! Йўлларда ҳаракатланаётганингизда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишингизни ва автотранспорт воситаларининг техник ҳолати соз эканига эътиборли бўлишингизни сўраймиз!”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, бу билан пойтахтда мазкур ҳафта учинчи бор электробуслар иштирокида йўл-транпсорт ҳодисаси содир бўлди. 5 июнь куни Yutong электробуси иккита автомобиль билан тўқнашиши оқибатида бир нафар ҳайдовчи жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган эди. 6 июнь куни яна бир ҳолатда Cobalt электробус билан тўқнашиши оқибатида унинг 2003 йилда туғилган ҳайдовчиси вафот этган ва яна бир йўловчи шифохонага ётқизилганди.