Тошкентда академик лицей ўқитувчиси ўқувчини калтаклади
3-саҳифа
−
09 Ноябрь
6905Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида жойлашган Саъди Сирожиддинов номидаги академик лицейда информатика фани ўқитувчиси ўқувчининг юз қисмига мушт тушириб, уни калтаклагани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани маълумот берди.
Қайд этилишича, ҳолат жорий йилнинг 16 май куни Чилонзор туманидаги табиий ва аниқ фанларга ихтисослаштирилган Саъди Сирожиддинов номидаги Республика академик лицейида содир бўлган. 2007 йилда туғилган Ж.M. исмли ўқувчи фанга тайёргарлик кўрмаган. 1997 йилда туғилган M.A. исмли ўқитувчи бир неча бор огоҳлантирсада, Ж.M. тартибга келмаган. Оқибатда ўзаро келишмовчилик келиб чиқиб, ўқитувчи ўқувчининг юз қисмига қўли билан қаттиқ урган.
Билдирилишича, ҳозирда ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда ва бу бўйича қўшимча ахборот берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида жойлашган 32-сонли мактабда ўқитувчи ва ўқувчи дарс пайтида жанжаллашгани ҳақида хабар қилинганди. Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилиб, уларнинг хатти-ҳаракатларига чора кўриш учун иш материаллари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига (Майда безорилик) асосан судга юборилганди.
LiveБарчаси