Тошкентда 5 млрдлик ноқонуний импорт билан шуғулланаётган МЧЖ раҳбарлари қўлга олинди

3-саҳифа 7418
image

Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи бир нечта МЧЖларнинг расмий ва норасмий раҳбарлари, уларнинг ноқонуний фаолиятида иштирок этувчи фуқаролар  тезкор таркибий тузилмалар томонидан кузатувга олинди. Тезкор кузатувлар давомида бирламчи шубҳалар ўз тасдиғини топди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Кеча, 4 октябрь куни Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага карши курашиш ва божхона аудити ҳамда Коррупцияга карши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлимлари томонидан “Чуқурсой” божхона пости ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Давлат бюджетига божхона тўловларини тўламаслик мақсадида йирик миқдордаги импорт товарларни паст ставкали товарларга алмаштириш билан шуғулланиб келган, пухта ўйланган жиноий схемага асосланган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилган. 

Маълум бўлишича, олдиндан тузилган режага кўра ташкилот номига хориждан импорт қилинган юқори ставкали генератор, сув пуркагич, чангютгич, кирювгич каби қимматбаҳо хўжалик ускуналари ва қурилиш анжомлари “вақтинча сақлаш” божхона режимига расмийлаштирилиб, ўз омборида юқоридаги товарлар ўрнига жиноий гуруҳ аъзолари томонидан сохта йўл-юк кузатув хужжатларида кўрсатилган қулф, электрод, токқайчи ва арра каби 16 турдаги товарларга алмаштирилаётган вақтда тўхтатиб қолинган. 

Юк эгалари ушбу жиноятни амалга ошириш учун жиноий гуруҳга 20 нафар шахсларни ёллаб, ҳар бирининг вазифаларини тақсимлашган. 

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра йўл-юк ҳужжатларида кўрсатилмаган ва ашёвий далил сифатида олинган 31 турдаги 4214 дона товарларнинг умумий қиймати 5 миллиард сўмни ташкил этиши маълум бўлди.

Жиноий гуруҳнинг ғараз мақсадлари амалга ошганда эди, давлатимиз ғазнасига бор-йўғи 1 миллиард сўм миқдорида божхона тўловлари ундирилиб, 4 миллиард 500 миллион сўмликдан ортиқ зарар етказилар эди.

Мазкур аниқланган қонунбузарлик ҳолати юзасидан ҳозирда божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Корхонанинг ташқи иқтисодий фаолияти эса божхона аудитидан ўтказилади. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 250
Рейтинг: 3
t
×