$44,5 мингни Ўзбекистондан яширинча олиб чиқаётганлар ушланди

Crime

−

image

Ўзбекистондан хорижга чиқиб кетмоқчи бўлган фуқаролардан бир нечта ҳолатда белгиланган тартибда декларацияланмаган нақд хорижий валюта аниқланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, ҳолат Андижон вилояти божхона бошқармасининг “Дўстлик” чегара божхона постида юз берган. Ўзбекистондан Қирғизистонга чиқиб кетаётган VOLVO русумли автомашина ҳайдовчиси чегара вакиллари билан ҳамкорликда божхона назоратидан ўтказилган. Текширув давомида автомашина салони ҳамда ҳайдовчининг шахсий буюмлари кўздан кечирилган.

Натижада ҳайдовчининг қўл сумкаси ва кийимининг ички чўнтагига яширилган, оғзаки сўровда маълум қилинмаган ҳамда белгиланган тартибда декларацияланмаган 34 минг АҚШ доллари аниқланган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Иккинчи ҳолатда эса “Бухоро аэропорти” чегара божхона постида аниқланган. “Бухоро — Внуково” авиарейси орқали хорижга учиб кетмоқчи бўлган фуқаро божхона ходимининг оғзаки сўровига жавобан ўзида белгиланган меъёрдан ортиқ нақд хорижий валюта йўқлигини билдирган.

Бироқ божхона ходимлари ва авиация хавфсизлиги назорати ходимлари ҳамкорлигида қўл юки текширилганда, фуқарода белгиланган меъёрдан ортиқ 10 минг 500 АҚШ доллари борлиги маълум бўлган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан ҳам божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятида фуқаро Қирғизистонга олиб чиқиб кетмоқчи бўлган 64 минг АҚШ долларини пайпоғига яширгани аниқланган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends