Тошкентда ҳужжатлари чала бўлган 59 та объектда қурилиш тўхтатилди

Жамият

image

Тошкент шаҳрида тўлиқ ҳужжатлар тўпламига эга бўлмаган 59 та объектда қурилиш ишлари бутунлай тўхтатилди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, сўнгги ойларда Тошкентда айрим қурувчилар томонидан қурилиш меъёрлари ва қонунчилик талаблари бузилишининг кўплаб ҳолатлари аниқланган. Баъзилари зарур рухсат берувчи ҳужжатлар, экспертиза хулосалари ва техник маълумотномаларни олмасдан қурилишни бошлаб, фуқароларга ноқонуний равишда уй-жой сотишга уринган. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида айрим фуқаролар виждонсиз компанияларга ишониб, жамғармаларини йўқотиб, уй-жойсиз қолмоқда.

Билдирилишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ваколатли тузилмалар билан ҳамкорликда бу масалада қатъий ва принципиал позицияни эгаллаган. Пойтахтнинг бир қатор туманларида тўлиқ ҳужжатлар тўпламига эга бўлмаган 59 та объектда қурилиш ишлари бутунлай тўхтатилиб, объектлар электр таъминотидан узиб қўйилган. Хусусан, Чилонзор ва Олмазор туманларида 5 тадан, Миробод туманида 8 та, Мирзо Улуғбек туманида 7 та, Сергели, Яшнобод ва Бектемир туманларида 3 тадан, Учтепа ва Яккасарой туманларида 2 тадан, Юнусобод туманида 4 та ва Янгиҳаёт туманида 17 та объектда қурилиш ишлари тўхтатилган. Қурилиш майдонларида назорат ва мониторинг ишлари давом эттирилмоқда, ҳар бир қонунбузарлик ҳолати бўйича қонуний чоралар кўрилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги уй-жой харид қилишда ниҳоятда эҳтиёткор бўлиб, қуйидагиларга эътибор беришни сўрамоқда:

  • сотиб олинаётган кўчмас мулкка оид барча ҳужжатларнинг асл нусхаларини (кадастр, экспертиза хулосалари ва кенгаш қарорлари, техник кўрик далолатномаси) талаб қилиш ва уларни синчковлик билан текшириш;
  • сотувчиларга пулни нақд ёки норасмий йўллар билан бермаслик, шартноманинг барча бандларини диққат билан ўрганиб чиқиш;
  • қурувчи ёки объектнинг қонунийлиги хусусида озгина шубҳа туғилса, шунингдек, компания ҳужжатларни тақдим этишни пайсалга солса, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг расмий ботига мурожаат қилиш. Бунда фуқарога объектнинг қонуний мақоми ҳақида маълумот берилади.

“Ҳурматли тадбиркорлар ва қурувчилар! Қурилиш ёки савдо фаолиятини бошлашдан аввал, барча зарур ҳужжатларни расмийлаштириб олинг. Тошкент шаҳар ҳокимлиги қурилиш талабларининг ҳар қандай бузилишига ва фуқаролар манфаатларига зарар етказувчи ҳаракатларга нисбатан қатъий ва муросасиз чоралар кўради”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ходимлари томонидан янада кучайтирилган тартибда ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида Самарқанд вилоятида сифатсиз қурилиш объектлари бузиб ташланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент қурилиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг