Тошкент вилоятида ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинди

Жамият

image

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида 5 нафар ўқитувчининг мажбурий меҳнатга жалб қилингани аниқланиб, уларни ишлатган мансабдорга нисбатан маъмурий таъсир чораси қўлланилди. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги хабар берди

Билдирилишича, Тошкент вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат назорати инспекцияси томонидан ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борилган.

Унга кўра, Тошкент вилояти Олмалиқ туманидаги 2-сонли умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича ўринбосари томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 5-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 349-сонли қарорига зид равишда 5 нафар педагог ходим маъмурий тартибда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига жалб этилгани аниқланган.

Мансабдорга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 294-моддасида назарда тутилган ҳуқуқ бурчлари тушунтирилиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 51-моддаси 2-қисмига асосан маъмурий таъсир чораси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, Андижон вилояти Марҳамат туманида ободонлаштириш ходими тунда йўл-транспорт ҳодисасига учраб, вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Ходимлар иш вақтидан ташқари ишларда, тунги ишларда, шунингдек, дам олиш кунларида маъмурий тарзда мажбуран ишлатиб келингани аниқланган эди

Аввалроқ, Олий Мажлис Сенати томонидан педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун маъқулланган эди. Унга мувофиқ, педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун биринчи марта маъмурий жазо қўллаш, такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш белгиланган


Мақола муаллифи

Теглар

ўқитувчи мажбурий меҳнат Олмалиқ шаҳри

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг