Тошкент вилоятида табиатга 444 млнлик зарар етказилди
Жамият
−
09 Декабрь 2020
10727Ижтимоий тармоқда Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани “Абай” МФЙ ҳудудида жойлашган тўқайзорда дарахтлар кесилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат Тошкент вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекторлари томонидан жойига чиқиб ўрганилди.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг маълум қилишича, ўрганиш давомида дарахтлар қишлоқ хўжалиги харитасининг 34 контурида жойлашган тўқайзорда кесилганлиги маълум бўлган. Умумий кесилган дарахтлар сони 52 та, шундан 46 туп тол ҳамда 6 туп туронғил таг (Туранга сизолистная) қисмидан кесилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” ги қарорига мувофиқ ўсимлик дунёсига етказилган зарар 444 млн 773 минг сўмни ташкил этди.
Айни дамда мазкур ҳудуд эгаси ҳамда ким томонидан амалга оширилганлигини аниқлаш бўйича суриштирув ишлари давом этмоқда.
Тўпланган ҳужжатлар Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратурасига ўрнатилган тартибда тақдим этиш учун тайёрланмоқда.
Ҳолат якунлари бўйича ахборот қўшимча равишда тақдим этилади.