Тошкент вилоятида судья суд ҳукми хато ёзилгани учун жаримага тортилди

3-саҳифа

image

Тошкент вилояти Оққўрғон туман суди раиси Санжар Исақулов эътиборсизлик билан чиқарган қарори сабаб жаримага тортилди. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши хабар берди. 

Билдирилишича, Р.Б. ва бошқаларга нисбатан чиқарилган суд ҳукми ёзилишида жиддий эътиборсизликларга йўл қўйилган, хусусан, судьянинг бепарволиги оқибатида унинг (ҳукмнинг) лойиҳа варианти "E-XSUD" электрон базасига киритилган. 

Шу сабабли, ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилоят судлари судьялари малака ҳайъати томонидан хизмат текшируви тайинланган. Текширув давомида юқоридаги айбловлар ўз тасдиғини топган.

Шундан сўнг, хизмат текшируви якунлари Тошкент вилояти судлари судьялари малака ҳайъатида муҳокама қилиниб, жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман суди раисига нисбатан жарима жазо чораси қўлланилган. 

Маълумот учун, “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 76-моддасига кўра, бундай ҳолатда судьяга огоҳлантириш, ҳайфсан, ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима, малака даражасини бир поғонага пасайтириш ҳамда ваколатларини муддатидан илгари тугатиш каби интизомий жазо чораларидан бири қўлланилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Санжар Исақулов раислигида “жин чиқариш” пайтида 42 ёшли аёлни ўлдириб қўйган икки эркакка ҳукм ўқилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент жарима судья

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг