Тошкент вилоятида жин чиқараман, деб жон чиқарганлар қамалди
3-саҳифа
−
23 Январь
19307Тошкент вилоятида икки эркак “жин чиқариш” пайтида 42 ёшли аёлни ўлдириб қўйди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Аниқланишича, воқеа 2023 йилнинг июль ойида содир бўлган. Судланувчи Р.Б. 16 июль кунидан 20 июль кунига қадар бўлган вақт давомида таниши Ю.Т. билан келишиб, Оққўрғон туманида яшовчи 1981 йилда туғилган фуқаронинг уйига борган ва уни гўёки ичига “жин” кириб қолганига ишонтирган. Буни “дам солиб” қўйиш ва даволаш муолажаларини бажариш йўли билан чиқариб юбориши мумкинлигини айтиб, эвазига 1 миллион сўм пул олган.
Улар ўз “муолажа”лари давомида болға, темир қозиқ, темир занжир каби предметлардан фойдаланган. Судланувчилар аёлнинг кўкрак қафаси, қорин қисми, иккала қўл ва оёқ соҳаларига урган. Бу орқали аёлга унинг ўлимига сабабчи бўлган оғир тан жароҳати етказилган. Оқибатда аёл 2023 йил 20 июль куни ўзининг яшаш хонадонида вафот этган.
Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, аёлда “кўкрак ёпиқ жароҳати, чап томонлама 2 ва 3 қовурғаси синиб, силжиши, қорин ёпиқ жароҳати, 2 та буйрак, ошқозон, ичак ва қорин деворларига қон қуйилиши, кўндаланг чамбар ичак йиртилиши, ички қон кетиши ва бошқа кўплаб тан жароҳат”лари аниқланган.
Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судининг 2023 йил 22 декабридаги суд ҳукмига кўра, Р.Б. ва Ю.Т. Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми “б” банди ва 102-моддаси (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, Р.Б. 3 йилга, Ю.Т. эса 2 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланган.