Тошкент вилоятида сохта “ГАИ” қўлга тушди

Жамият

image

Чиноз туманида фонардан ясалган “боди-камера”, елим кўкрак нишони ва қалбаки гувоҳнома билан “хизмат олиб бораётган” сохта “ГАИ” қўлга олинди.

Кеча, 6 февраль куни М-39 “Тошкент-Термиз” халқаро автомобиль йўлида хизмат олиб бораётган Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ инспекторлари, сафдор Бекжон Ережепов ва сержант Мансур Норматов ушбу йўлда ҳаракатланиб келаётган КамАЗ юк машинасини кўрикдан ўтказиш учун тўхтатган. Шунда ҳайдовчи инспекторларга чамаси 900 метрлар оралиғида бир “ГАИ” ходими уни тўхтатиб ҳужжатларини текширганлигини, аммо унинг боди камераси одатдагидан бошқачароқ эканлигини маълум қилган.

ЙПХ инспекторлари зудлик билан айтилган жойга етиб бориб, у ерда Nexia русумли автомобилда ўтирган “ходим”ни кўришган. Ундан кимлигини сўрашганида у воқеа жойидан қочмоқчи бўлган. Ходимлар уни қўлга олиб, Чиноз туман ИИБга олиб боришган. Шундан сўниг, ИИБ тезкор ходимлари холислар иштирокида унинг бошқарувида бўлган автомашина салонини кўздан кечиришганида, у ердан 24 дона бир хил серия ва рақамли маъмурий баённомалар, Фарғона вилояти ИИБ томонидан берилган хизмат гувоҳномасининг рангли нусхаси ва унинг эгнидаги кийимига ўрнатилган, “Диққат” ёзуви туширилган қалбаки боди-камера ва елимдан эритиб ясалган ЙПХ инспекторининг кўкрак нишони ҳамда жезл ашёвий далил сифатида олинган.

“Муқаддам ички ишлар органида ишлаганман, 2016 йилда ўз ихтиёрим билан бўшаганман. Кўкрак нишони ва боди камерани ўзим қўлбола усулда ясаган эдим”, деган сири фош бўлган сохта “ГАИ” ходими Азизбек Рўзметов.

Маълумот учун, Азизбек Рўзматов 2018 йилнинг январь ойида ички ишлар органи ходимининг кийимини кийиб, қўлбола усулда ясалган кўкрак нишонини тақиб сохта “ГАИ”лик билан Сергели тумани ҳудудида шуғулланаётган вақтда қўлга тушган.

Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 227 ва 228-моддалари 1-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир этганлик юзасидан айблов эълон қилиниб, суд қарори билан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қўлланилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

ЙҲХБ ГАИ

Баҳолаганлар

339

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг