Тошкент вилоятида ОИТСни қасддан юқтирганлар қўлга олинди
Жамият
−
28 Июль 2023
11570Тошкент вилоятида тартибсиз ҳаёт кечириш ва инфекцион касалликни қасддан юқтириш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланиб, жиноят содир қилган шахслар жавобгарликка тортилмоқда. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси жиноят қидирув бўлими ахлоқ ва соғлиққа қарши жиноятлар билан курашиш бўлинмаси тезкор ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида ОИВ инфекцияси билан касалланган шахслар инфекцияни қасддан ўзга шахсга юқтириш билан боғлиқ 20 та жиноий ҳолат аниқланиб, касалликни янада тарқалишининг олди олинган.
Жумладан, Юқори Чирчиқ туманида яшовчи 35 ёшли икки аёл ОИВ касаллиги билан рўйхатда туриб, қонуний огоҳлантирилган бўлишига қарамай жорий йил июнь ойида 35 ва 53 ёшли шахс билан жинсий алоқада бўлганлиги ва бу орқали ушбу шахслар ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остида қолдирганлиги аниқланган. Шахслар процессуал тартибда ушланган.
Шунингдек, Ангрен шаҳрида яшовчи 24-43 ёш орасидаги уч нафар аёл ва бир нафар эркак ҳам ОИВ касаллиги билан рўйхатда туриб, қонуний огоҳлантирилган бўлишига қарамай ўзга шахс билан жинсий алоқада бўлганлиги аниқланган ва тегишли тартибда ушланган.
Ҳозирда аниқланган барча ҳолат юзасидан ушланган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 113-моддаси (таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракати олиб борилмоқда.